Минск ЕИ билан виза тартибини соддалаштиришга оид келишув имзолади

Беларусь президенти Александр Лукашенко Европа Иттифоқи билан виза тартибини соддалаштиришга оид келишувни имзолади. Эндиликда ҳужжат Европа парламенти томонидан маъқулланиши керак. Агар ҳужжат ратификация қилинса, шартнома кейинги йилданоқ кучга кириши мумкин.

Соддалаштирилган виза тартибига мувофиқ, Шенген визаси учун беларусликлар 35 евро пул тўлайди. Бу маблағ виза марказлари хизмати тўланадиган ҳақни ўз ичига олмайди, бироқ, Беларусь ТИВ маълумотига кўра, бу хизматлар 30 евродан қиммат бўлмаслиги лозим. Авваллари Беларусь фуқаролари Шенген визаси учун 60 евро тўлаган.

Виза тартибининг соддалаштирилиши узоқроқ муддатли кўп марталик визалар олишга имкон яратади.

Беларусга келаётган европаликлар учун мамлакатда бўлиш муддати 90 кундан 180 кунга кўпаяди.

Минск билан Брюссель ўртасидаги келишувнинг ўқиш ёки иш учун бериладиган визаларга дахли йўқ.