Саккиз туманда уруғлик картошка етиштирилади

Ўзбекистоннинг турли вилоятларида жойлашган Қўрғонтепа, Бахмал, Зомин, Шаҳрисабз, Китоб, Янгиқўрғон, Булунғур, Бўстонлиқ туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда бугунги кунда экин уруғларининг 25-30 фоизи хориждан олиб келинишини, қолган қисми эса деҳқонлар томонидан тайёрланиши урғуланган. Хусусан, Ўзбекистонга ҳар йили 300 минг тоннага яқин картошка, шунингдек, 10-15 минг тонна уруғлик картошка чет элдан олиб келиниши айтилган.

Йиғилишда пандемия шароитида уруғликлар таъминотида узилишлар бўлмаслиги кераклиги уқтирилган.