Трамп коронавирус тарқалишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини айблади

АҚШ президенти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойга ўта ишониб юборганини айтди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 15 апрель куни “Вашингтон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус пандемияси борасида йўл қўйлган хатоларни аниқлаб олмагунича” мазкур ташкилотни молиялаштиришини тўхтатишини билдирди.

Оқ Уйда брифинг ўтказган Трамп январь ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойда эндигина коронавирус тарқала бошлаган пайтида Вашингтоннинг бу мамлакатга парвозларни чеклаш тўғрисидаги қарорига қарши чиққанини эсга солди. Трампнинг айтишича, бу билан коронавирус пандемиясининг олдини олиш чора-тадбирлари кечикиб қолган.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияси асосида Хитой билан чегарасини очиқ қолдирган мамлакатлар дунё бўйлаб коронавирус тарқалишини тезлаштирди”, - деди Трамп.

АҚШ президенти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойга ўта ишониб юборгани ортидан коронавирусга йигирма баробар кўп одам чалинганини айтди.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг энг асосий мажбуриятини бажара олмади ва бунинг учун жавоб бериши шарт”, - деди Трамп.

Унинг айтишича, АҚШ ҳар йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига 400-500 миллион доллар беради ва бу Хитой берадиган пулдан 10 баробар кўпдир.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти молиясини қисқартириш пайти эмас, деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда жаҳонда СOVID-19га чалинган беморлар сони икки миллиондан ошди. Беморлардан 125 минг нафари вафот этди. Коронавирус юқтирганларнинг 600 мингги АҚШда аниқланди. Бу мамлакатда коронавирусдан 26 минг одам ўлди.