Федерал хавфсизлик хизмати Қримда “Украина жосуслари” қўлга олинганини билдирди

ФСБ "Украина жсосулари"ни қидирибгина қолмай, қримтатарларнинг уйларида ҳам тинтувлар ўтказмоқда. 2020 йил 16 мартда олинган сурат.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати – ФСБ 15 апрелда аннекция қилинган Қрим ҳудудида Украина Мудофаа вазирлиги Разведка Бош бошқармаси “агентура гуруҳи” қўлга олинганини билдирди.

ФСБнинг таъкидлашича, гуруҳ Украина фуқаросидан ва россиялик ҳарбий хизматчи аёлдан иборат бўлган. Аёл Украина томонига давлат сиридан иборат маълумотларни етказиб турган. Гуруҳга эса “Украина ҳарбий разведкасининг Херсонга жойлаштирилган бўлинмаларидан бирининг бошлиғи, полковник Олег Ахмедов раҳбарлик қилган”.

ФСБ исми айтилмаётган Украина фуқароси Москвадаги “Лефортово” қамоқхонасига жойлаштирилганини ҳам маълум қилди.

Қўлга олинган ҳарбий хизматчи аёлнинг адвокати эса “Грат” нашрига ўз ҳимоясидаги одам тергов пайтида айбини тан олганини айтди. Адвокатга кўра, Украина фуқароси хизматчи аёлнинг собиқ эри бўлган. Адвокат ҳимоясидаги аёл уй қамоқғига олинганини билдирди.

Аввалроқ Украина хавфсизлик хизмати генерал-майор Валерий Шайтанов Россия Федерал хавфсизлик хизмати фойдасига жосуслик қилганликда гумонланиб қўлга олинганини билдирган эди. Украина контрразведкасининг юқори мартабали мулозими давлатга хиёнат ва террорчиликда айбланмоқда.