Урганчда "Лазги" академияси ташкил этилади. Президентнинг қарори муҳокамага қўйилди

Академия Маданият вазирлиги тизимидаги Давлат муассасаси ҳисобланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали президентнинг Хоразмда “Лазги” академиясини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди.

30 апрелгача муҳокама қилиниши режалаштирилган ушбу ҳужжатга асосан, “Лазги” академияси Урганч шаҳрида ташкил этилади.

Академиянинг асосий вазифалари этиб “Лазги” ижрочилигини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, “Лазги” ижро йўли намуналари “Олтин фонди”ни яратиш, “Лазги” ижро йўллари бўйича илмий-тадқиқотлар олиб бориш ва кенг тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш кабилар белгиланди.

Академия Маданият вазирлиги тизимидаги Давлат муассасаси ҳисобланади, Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисоб рақамига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади.