Путин коронавирус туфайли Ғалаба парадини бошқа кунга қолдирди

Путин параднинг ўтказилиши муддатини айтмади.

Россия президенти Владимир Путин коронавирус туфайли Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган Ғалаба парадини номаълум муддатга қолдирди. Президент бу борада Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишида билдирди ва параднинг ўтказилиши муддатини айтмади.

Путиннинг билдиришича, Ғалаба парадига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш лозим эди. Аммо эпидемия муносабати билан “таҳдидлар кучли бўлгани” учун тайёргарлик кўриш имконияти мавжуд эмас.

Аввалроқ Россиядаги уруш фахрийлари ташкилотлари Путинга Ғалаба кунини 9 майда нишонлашдан воз кечишни ва уни бошқа кунга кўчиришни илтимос қилиб мурожаат йўллаганди.

Ўз хатида улар параднинг барча иштирокчилар учун хавф-хатар манбаи эмас, балки чинакам тинчлик ва хавфсизлик тантанасига айланиши учун уни бошқа санага кўчиришни илтимос қилганлар.

Бу йил Россия расмийлари Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллиги кенг кўламда нишонлашни режалаган эдилар. Парадда 15 минг киши ва қарийб 400 та техника қатнашиши мўлжалланган, катта давлатлар раҳбарлари таклиф қилинганди.

Даставвал Россия расмийлари парад санаси кўчирилмаслигини билдиргандилар. Маҳаллий нашрларга кўра, Мудофаа вазирлиги уни томошабинларсиз ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётганди.