Хива ва Наманганда шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилади

Хива манзараси.

Шарқ тиллари соҳасида ўрта бўғин профессионал кадрларни тайёрлаш, шунингдек, истеъдодли ёшлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган ва Хива шаҳарларида шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилади.

Олий ва ўрта таълим вазирлиги Телеграм-канали маълумотига кўра, бу иш Ўзбекистон президенти томонидан 16 апрель куни қабул қилинган “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида амалга оширилади.

Хабарномада вазирлик томонидан 2020 йил 1 августига қадар мазкур техникумларни шарқ тилларини ўқитишга мослаштириш, малакали педагог кадрлар билан тўлдириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилиши айтилган.

Аввалроқ Озодлик президентнинг юқорида зикр этилган қарори билан Тошкентдаги Шарқшунослик институти университетга айлантирилиши ҳақида хабар қилган эди.