“Аэрофлот” авиаширкати 1 августга қадар хорижга чипта сотишни тўхтатди

“Аэрофлот” авиаширкатига қарашли учоқ.

Россиянинг “Аэрофлот” авиаширкати 1 августгача халқаро рейсларга чипта сотишни тўхтатган. Озодликнинг рус хизмати хабарига кўра, авваллари авиаширкат сайти орқали 30 апрелдан кейинга хорижга чипта олиш мумкин эди.

Россия расмийлари COVID-19 вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 мартдан халқаро йўналишлар бўйлаб ҳаво қатновларини бекор қилган. Ҳозирги кунда фақат хорижда қолган россияликларни олиб чиқиб кетиш учунгина қатновлар амалга оширилмоқда.

Расмийлар халқаро қатновларнинг қайта очилиш санасини ҳали эълон қилганларича йўқ. Улар бунинг пандемияни енгиш муддатига боғлиқ эканини айтмоқдалар.

Аввалроқ “Аэрофлот” коронавирус ёйилиши қабатида киритилган чекловлар ортидан талаб пасайиб кетгани туфайли ички парвозлар сонини ҳам қисқартирган эди.