Иккинчи жаҳон урушининг юз ёшли фахрийси шифокорлар учун 23 миллион доллар пул тўплади

Том Мур маблағ йиғиш акциясини 6 апрелда бошлаган.

Иккинчи жаҳон уруши фахрийси бўлган британиялик Том Мур 19 апрелгача шифокорларга ёрдам тариқасида 23 миллион доллар пул тўплаганини маълум қилди.

30 апрелда юз ёшни қаршилайдиган Том Мур ўзини ўсимтадан даволаган Саломатликни сақлаш миллий хизмати шифокорларига миннатдорчилик билдириш ҳамда коронавирусга қарши курашда қўллов кўрсатиш мақсадида маблағ йиғиш акциясини 6 апрелда бошлаган эди ва ўтган ҳафтада 15 миллион доллар пул тўплашга муваффақ бўлганини билдирганди.

Дастлаб у ўзи яшайдиган уй атрофида ҳар куни 25 метр юриб, эҳсон пулларини қабул қилишини билдирган. У минг доллар тўплашни режалаштирган. Аммо Том Мурнинг бу ташаббуси оммавий ахборот воситаларида эълон қилингач, юз мингдан кўпроқ одам ташаббусни қўллаб чиққан.

Том Мур йиғилган пулни тийинигача шифокорларга топширишни ва акцияни давом эттиришини билдирди.

Маълум қилинишича, Том Мур Иккинчи жаҳон уруши пайтида Ҳиндистон, Мьянма ва Индонезияда хизмат қилган.