Татаристонда таниқли ислом уламоси қамоққа олинди

Наумов Татаристондаги Россия Ислом университети мударриси эди.

Татаристонда таниқли уламо Габдрахман Наумов “тақиқланган диний гуруҳга асос солганлик ва раҳбарлик қилганлик” айблови билан қамоққа олингани маълум қилинди. Унинг адвокати Руслан Нагиев Наумов бир ой олдин “Нурчилар” диний оқими раҳбари сифатида қўлга олинганини айтди.

Наумов Татаристондаги Россия Ислом университети мударриси ва Қозондаги марказий масжиднинг собиқ имоми эди.

“Унинг қамоққа олиниши кўпчиликни ҳайратга солди. Кўплаб дин ва жамоат арбоблари Наумовни ҳимоя қилишга чақирмоқда. У қандайдир бир экстремистик гуруҳ раҳбари бўлганига ҳеч ким ишонмайди”, деди адвокат.

Наумов ҳам ўзига қўйилган айбловларни инкор қилаётгани айтилди.

“Нурчилар” ҳаракатига 1960 йилда туркиялик курдлардан бўлган Саид Нурси томонидан асос солинган эди. Бу ҳаракат 2008 йилда Россияда тақиқланган.