Трамп АҚШга иммиграцияни вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзоламоқчи

Дональд Трамп маъмурияти АҚШга қочқинлар ва мигрантлар киришинини чеклаш мақсадида қатор тақиқларни жорий этди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 20 апрель куни Қўшма Штатларга иммиграцияни тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолашни режалаштираётганини маълум қилди.

Трамп ўзининг Твиттердаги саҳифасида фармонда иммиграцияни вақтинча тўхтатиш назарда тутилаётганини айтиб, буни “кўринмас душман”дан ҳимояланиш пайтида америкаликларнинг иш жойларини сақлаб қолиш зарурати пайдо бўлаётгани билан изоҳлади.

АҚШ президентининг иммиграцияни тўхтатиш тўғрисидаги ҳар қандай фармони устидан судда шикоят қилиниши мумкин. Чунки АҚШда иммиграция масаласи қонунчилик асосида мувофиқлаштирилади.

Трампнинг АҚШга айрим мамлакатлардан қочқинлар ва иммигрантлар кириб келишининг олдини олишга қаратилган фармонлари ҳам барча суд инстанцияларида кўриб чиқилган. Олий судда бу фармонларнинг кўпчилиги қонуний экани тасдиқланган.

Сўнгги ҳафталарда Дональд Трамп маъмурияти АҚШга қочқинлар ва мигрантлар киришинини чеклаш мақсадида қатор тақиқларни жорий этди. Бунга коронавирус эпидемияси сабаб қилиб қўрсатилди.