Қирғизистон ҳукумати юртига қайтолмаётган муҳожирлар учун ёрдам пули ажратди

Новосибирск аэропортидаги қирғизистонликлар.

Қирғизистон ҳукумати ватанига қайтолмаётган хориждаги юртдошларни дастаклаш учун 15 миллион сўм (тақрибан 190 минг АҚШ доллари – таҳр.) ажратди. Бу ҳақда Республика тезкор штаби мажлисида бош вазир ўринбосари Қубатбек Бўрўнов маълум қилди.

Унга кўра, мазкур маблағ муҳожирларнинг кун кечириши учун вақтинча шарт-шароит яратишга сарфланади.

Мулозим ёрдам пулининг 5 миллиони Қирғизистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонасига, 10 миллиони эса Россиядаги элчихонага йўлланишини билдирди.

Ҳукумат маълумотига мувофиқ, шу кунда дунёнинг турли мамлакатларидан Қирғизистонга қайтмоқчи бўлаётганлар сони 4 371 кишини ташкил этмоқда.

Аввалроқ парламент депутатлари ҳукуматга хорижий мамлакатлардаги қирғизистонликларни ватанга қайтариш учун транспорт йўлаги ва чартер рейслар ташкил қилиш бўйича тезкор чоралар кўришни топширган. Шундан сўнг Истанбулдан чартер рейс ташкил қилиниб, 211 киши Қирғизистонга олиб келинган. Бу одамлар айни пайтда уй карантинига олингани айтилмоқда.