БМТ: Жаҳонда очарчиликда яшайдиганлар сони икки баробар кўпаяди

Озиқ-овқатга ўта муҳтож бўладиганлар сони 2020 йилда 265 миллионга етади.

Коронавирус пандемияси оқибатида даромади камайиб, очарчиликка дучор бўладиганлар сони 2020 йилда икки баробарга кўпайиши мумкин. Бу ҳақда 21 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат дастури ҳисоботида маълум қилинди.

“Озиқ-овқатга ўта муҳтож бўладиганлар сони 2020 йилда 265 миллионга етади. Бу 2019 йилга солиштирганда 130 миллион кишига кўпдир”,-дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда таъкидланишича, очарчиликка маҳкумлар сонининг кўпайишига асосий сабаб коронавирус пандемияси оқибатида туризм соҳасининг инқирозга учрашидир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳисобот муаллифлари жорий йилда озиқ-овқат дастури учун 10-12 миллиард доллар маблағ ажратилиши зарурлигини билдиришмоқда. Ўтган йили бу дастур учун 8 миллиард 300 миллион доллар ажратилган эди.