Зеленский Саакашвилига бош вазир муовини лавозимини таклиф этди

Михаил Саакашвили аввалроқ Одесса губернатори лавозимида ҳам ишлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилига ислоҳот масалалари бўйича бош вазир ўринбосари лавозимини таклиф қилди. Бу ҳақда Саакашвилининг ўзи 22 апрель куни Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Саакашвилига кўра, у ҳукуматда ишлаш масаласини бош вазир Денис Шмигаль билан ҳам муҳокама қилишга улгурган.

Саакашвили Украина президентининг таклифи ўзи учун “улкан шараф” эканини айтиб, сайлов чоғида Зеленскийни дастаклаганини эслатди.

Саакашвилига ҳукуматга кириш таклифи берилгани ҳақида даставвал Зеленский тарафдори бўлган “Халқ хизматкори” партиясидаги манбалар сўзларига таянган ҳолда "Новое время" нашри хабар қилди. “Халқ хизматкори” фракцияси раҳбарининг ўринбосари Евгения Кравчук нашрга Саакашвили келаётган жума куни депутатлар билан учрашиб, ўз дастурини тақдим этишини тасдиқлаган.

Агар 24 апрель куни Украина парламенти Саакашвили номзодини маъқулласа, у ҳукуматда иш бошлаши мумкин.