COVID-19: HRW Марказий Осиё ҳукуматларини ўз фуқаролари ҳуқуқларини топтаётганликда айблади

Полиция ходимлари Олмаотадаги назорат-ўтказиш масканида йўловчиларни текширмоқда, 2020 йил 14 апрели.

Марказий Осиёдаги давлатларнинг ҳукуматлари коронавирус пандемиясига қарши кураш юзасидан кўрилаётган чоралар доирасида ўз фуқаролари ҳуқуқларига риоя қилаётгани йўқ. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 23 апрель куни эълон қилинган баёнотида айтилади.

Халқаро ташкилот Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари касаллик тарқалишининг олдини олиш учун муҳим чоралар кўргани, аммо бир вақтнинг ўзида жорий қилинган чекловлар баҳонасида журналистлар, соғлиқни сақлаш хизматлари ходимлари ҳамда фаолларни нишонга олаётганини қайд этган.

HRW ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсонга кўра, Марказий Осиёнинг барча давлатлари COVID-19 ҳақида аниқ маълумот бериш орқали ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбуриятига эга.

Уильямсон бу ҳукуматлар журналистлар, тиббиёт ходимлари ҳамда инсон ҳуқуқлари топталаётганидан жамоатчиликни хабардор қилишга уринаётганлар ҳаракатларини чекламаслиги лозимлигини қўшимча қилган.

HRW баёнотида коронавирусга чалиниш ҳолатлари расман қайд этилмаган Тожикистон ва Туркманистонда коронавирус пандемиясининг бу мамлакатларга таъсири ҳақида сўзлаган тиббиёт ходимлари ва бошқа шахсларга тазйиқ ўтказилаётгани билдирилган.

Баёнотда, шунингдек, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа давлат идоралари COVID-19 ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортаётгани, натижада Озодлик радиоси президенти Жейми Флай Тожикистон расмийларига бу ҳақда эътироз мактуби йўллагани тилга олинган.