Тожикистон президенти рўза тутишни кейинроққа қолдиришга чақирди

Президент Имомали Раҳмон бу йил Рамазон ойи коронавирус ёйилиб бораётган вақтдан ташқари баҳорги дала ишлари билан ҳам бир пайтга тўғри келиб қолгани туфайли тожикистонликларни рўза тутишни кейинроққа қолдиришга чақирди.

“Биз сув ичиш ва овқат ейишдан тийилиш билан билиб туриб ўз саломатлигимизга зарар етказмаслигимиз ва худкушликка йўл қўймаслигимиз керак. Чунки кун бўйи оч юрганидан кейин одам иммунитети заифлашади ва юқумли касалликлар юқтириб олиш хавфи ошади”, деди Тожикистон президенти.

Бу ҳафтадан Тожикистон масжидларида жамоат намозлари тақиқланган. Аммо расмий Душанбе мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаганини билдириб келмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари Тожикистонда ўпка касалликлари кўпайтганини айтиб, расмийлардан эпидемия билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритишни сўрамоқдалар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти март ойидаёқ тожик расмийларига карантин жорий қилиш, зарурат туғилган тақдирда, таълим масканларини ёпишни тавсия қилган. Тожикистонга яқин кунларда ЖССТ экспертлари келиши кутилмоқда.