Ўшнинг собиқ мэри Мирзақматов суди бошқа кунга қолдирилди

Мелис Мирзақматов (2013 йили олинган сурат).

Қирғизистон Олий суди Ўш шаҳри собиқ мэри Мелис Мирзақматов иши бўйича маҳкамани қолдирди. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, суднинг қолдирилишига Мирзақматов адвокатининг саломатлиги ёмонлашгани туфайли маҳкамага келмагани сабаб бўлган. Суднинг кейинги мажлиси 6 майга белгиланган.

Мирзақматовга нисбатан жиноят иши 2014 йили очилганди. У Ўшдаги осма кўприк қурилиши чоғида давлатга 30 миллион сўмлик (қарийб ярим млн АҚШ доллари) миқдорида зарар етказганликда гумонланган. Собиқ мэр ўша пайтда Қирғизистонни тарк этган, шундан сўнг у халқаро қидирувга берилган.

2015 йили Ўш шаҳар суди Мелис Мирзақматовни мол-мулкини мусодара қилиш билан биргаликда 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида сиртдан ҳукм чиқарган. Кейинчалик бу иш Ўш вилоят судида ҳам кўрилган, вилоят суди ҳам шаҳар суди қарорини ўз кучида қолдирган.

Мирзақматовнинг адвокатлари шу йил январида Қирғизистон Олий судига кассация тартибида шикоят аризаси киритиб, қуйи инстанциялар ҳукмларини бекор қилишни сўрагандилар.

Мелис Мирзақматов 2010 йилги қонли воқеалар чоғида Ўш мэри лавозимида ишлаган.