Саудияда ўсмирларни ўлим жазосига ҳукм этиш бекор қилинди

Amnesty International халқаро ташкилотининг билдиришича, 2019 йилда Саудия Арабистонида 184 киши қатл қилинган.

Саудия Арабистони балоғат ёшига етмаганларга ўлим жазосни бекор қилди. Бундан аввалроқ Саудияда дарра уриш жазоси бекор қилинган эди.

“Гардиан” нашрининг ёзишича, сўнгги кунда юз берган бу икки ўзгариш ортидан Саудия Арабистон халқаро ҳамжамият танқидини сусайтирмоқчи бўлаётир. Халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлар Саудияда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганини танқид қилиб келадилар.

18 ёшга тўлгунига қадар жиноят қилиб, ўлимга ҳукм қилинганларнинг жазоси бекор қилиниши тўғрисидаги қирол фармонини Инсон ҳуқуқлари бўйича давлат комиссияси раиси Аввад Алаввад ўқиб эшиттирди.

Фармонда айтилишича, бундан буён ўлим жазоси ўрнига балоғатга етмаганлар 10 йил қамоққа ҳукм қилинади ва улар жазони ўсмирлар учун мўлжалланган қамоқда ўтайдилар.

27 апрелда Саудия Арабистони Олий суди дарра уриш жазосини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқаргани хабар қилинганди.

Бундан буён дарра уриш ҳукм қилинган жиноятни содир этганлар қамалади ёки жаримага тортилади. Саудия Арабистони матбуоти бу қарор валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўтказаётган ислоҳотлар доирасида қабул қилинган бўлиши мумкинлигини ёзмоқда.