Қирғизистон ҳам ФВ тартибини 10 майгача узайтирди

Қирғизистондаги блокпостлардан бири, Жалолобод, 2020 йил апрели.

Қирғизистоннинг Бишкек, Ўш, Жалолобод шаҳарлари ва Норин вилоятининг Отбоши туманларида фавқулодда вазият тартиби 10 майгача узайтирилади, бошқа ҳудудларда ФВ бекор қилинади. Бу ҳақда мамлакат президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Хавфсизлик кенгашининг тор таркибдаги мажлисидан сўнг маълум қилди.

“Ҳукумат ва барча давлат идоралари Хавфсизлик кенгаши томонидан тавсия қилинган аксилинқироз тадбирларини амалга оширишни давом эттиришлари шарт”, деди Қирғизистон президенти.

Бишкек, Ўш, Жалолобод шаҳарлари, Ўш вилоятининг Новқат ва Қорасув туманлари ҳамда Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманларида фавқулодда вазият тартиби шу йилнинг 25 мартида киритилганди ва 15 апрелгача давом этиши керак эди. Кейинчалик расмийлар ФВ муддатини 30 апрелгача узайтиришга қарор қилгандилар.

Қирғизистондан аввал Қозоғистонда куни кеча ФВни 11 майгача узайтириш қарори олинган. 18 апрель куни ўзбек расмийлари ҳам чеклов тадбирларини (карантин) 10 майгача узайтиришга қарор қилгандилар.