БМТ: Афғонистонда йилнинг илк чорагида 500 дан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилди

Афғонистонда март ойи охирида бўлиб ўтган дафн маросимидан лавҳа.

Афғонистонда жанговар ҳаракатлар натижасида 2020 йилнинг илк уч ойи ичида 500 дан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилди, қурбонларнинг учдан бирини болалар ташкил этади. Бу ҳақда БМТнинг 27 апрель куни ёйинланган ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботга кўра, жорий йил 1 апрелигача Афғонистонда 760 киши тан жароҳати олган.

БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси (UNAMA) маълумотларига кўра, шу йил 1 январидан 31 мартигача бу мамлакатда 152 нафар бола ўлдирилган, 265 бола турли даражада жароҳатланган, аёллардан 60 нафари қурбон бўлиб, 108 нафари яраланган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳукумат ва толиблар ўзаро зиддиятни бартараф қилишига умид уйғонганига қарамай, кўплаб қурбон берилган жанговар ҳаракатлар ўтган ойда содир бўлган.