Россияда “ишланмайдиган кунлар” муддати узайтирилди

Путинга кўра, Россияда коронавирус вазиятини жиловлашга муваффақ бўлинган.

Россия президенти Владимир Путин 28 апрель куни ҳукумат аъзолари ва минтақалар раҳбарлари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “ишланмайдиган кунлар” муддати 11 майга қадар узайтирилганини билдирди.

Путинга кўра, Россияда коронавирус вазиятини жиловлашга муваффақ бўлинган, бироқ энг хавфли давр ҳали босиб ўтилмаган.

Путин фуқаролар “ўзини яккалаш” режими ва чекловларга қанчалик қатъий амал қилсалар, Россия шунчалик тез нормал ҳаётга қайтишини таъкидлади.

“Ҳали коронавируснинг энг хавфли даврини бошдан кечирмадик. Биз эпидемиянинг энг мураккаб ва оғир босқичи арафасида турибмиз”, - деди Путин.

Президентга кўра, 5 майга қадар ҳукумат “ўзини яккалаш” режимидан босқичма-босқич чиқиш режасини ишлаб чиқади.

Россияда коронавирусга қарши кураш доирасида апрель ойи ишланмайдиган кунлар ҳисобланади.

Россия 28 апрелда коронавирусга чалинганлар сони бўйича Эронни ортда қолдириб, дунёда саккизинчи ўринга чиқди. Расман билдирилишича, Россияда коронавирус юқтирганлар сони 93,5 минг кишига етган. 860 бемор вафот этган.