Асакадаги автозаводга ишга киритиб қўйиш ваъдаси билан одамлардан пул олган аёллар ушланди

Андижонда уч кишини автозаводга ишга киритиб қўйиш ваъдаси билан қарийб 6,5 минг долларга чув туширган икки аёл устидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумот тарқатди.

Тергов департаментига кўра, 37 ёшли М.И. ва 45 ёшли З.К. ўзаро жиноий тил бириктириб, уч фуқарога Асака туманида жойлашган “Uz Auto Motors” АЖга ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, жами 6450 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини олиб, ўзларининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлари аниқланган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан бу аёлларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) асосида жиноят иши қўзғатилган.