АҚШда коронавирусга чалинганлар сони бир миллиондан ошди

Беморларнинг 142 мингдан кўпроғи тузалди.

АҚШ ҳукумати мамлакатда бир миллиондан ортиқ одамга коронавирус юққанини маълум қилди. Беморларнинг 58 мингдан кўпроғи вафот этган. Бу рақам АҚШнинг Вьетнамда олиб борган урушда берган қурбонлари сонидан кўпроқдир. Беморларнинг 142 мингдан кўпроғи тузалди. Коронавирусга чалинганлар ва ўлганларнинг асосий қисми Нью-Йорк штатида.

Президент Дональд Трамп беморлар сонининг кўплаб аниқланаётганига изоҳ берар экан, АҚШда “дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан тестлар сифатли ўтказилиши”ни сабаб қилиб кўрсатди.

Шу кунгача АҚШда 6 миллион одам коронавирусга тест қилинган. Бу дунё бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Бироқ аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Исландия ва Бирлашган Араб Амирликлари олдинда. Бу икки мамлакатда аҳолининг 10 фоизи тестдан ўтказилган. АҚШда эса тестдан ўтказилган аҳоли сони 2 фоизни ташкил қилади.

АҚШда коронавирус оқибатида ишсиз қолганлар сони 26,5 миллион кишига етди. Бу эса меҳнатга лаёқатли аҳолининг олтидан биридир. Трамп маъмурияти апрель ойи натижаларига кўра ишсизлар сони яна 16 фоизга кўпайишини билдирмоқда.

Жаҳонда шу кунгача коронавирус юқтирганлар сони 3 миллион 150 мингдан ошди. Беморлардан 218 минг киши вафот этди.