Тошкент кўчаларидаги бетон блоклар ҳам Сардоба тўғонини тиклашга олиб кетилди

Сув тошқини оқибатида 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуация қилинди

Сардоба тўғонини қайта тиклаш учун Тошкент кўчаларидаги 2,5 мингга яқин бетон блок ҳам Сирдарё вилоятига юборилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга таянган ҳолда 4 май куни хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу ҳақда 2 май куни Сирдарё вилоятига ёрдам карвонини уюштирганлар билан бўлган учрашувда айтган.

Ҳокимга кўра, бетон блокларни “120 та катта-катта юк машинаси кечаси билан” Сирдарёга ташиган.

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босди.

Расмийлар омбордан сув чиқиши 1 май соат тахминан 17:00га келиб тўхтаганини хабар қилди.​

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуация қилинди