ИИВ тошқинда паспортини йўқотган сирдарёликларга мурожаат билан чиқди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Сардоба сув омбори тошқини чоғида паспортини йўқотган ватандошларга ўз Телеграм-канали орқали мурожаат қилди.

Унда 1 май куни Сардоба сув омборида юз берган офат туфайли фуқаролик паспорти йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган шахслардан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига мурожаат қилиш (телефонлар кўрсатилган) сўралган.

ИИВ мазкур муаммо паспортини йўқотган шахснинг вақтинча яшаётган жойига ўз ходимларини юбориш ёки паспортсиз қолган кишининг вақтинча яшаётган жойга яқин ички ишлар бўлимига мурожаат қилиши ортидан ҳал қилиниши мумкинлигини билдирган.

Ўтган жума тонгида Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони ўпирилиши оқибатида яқин-атрофда яшовчи аҳоли уй-жойини сув босган, Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуация қилинганди.