Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда коронавирус бўйича вазият

Қозоғистонда 29 бемор вафот этди

Қозоғистонда 5 май ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган яна 72 бемор аниқланди. Бу билан Қозоғистонда коронавирус юққанлар сони 4 121 нафарга етди. Беморлардан 29 нафари вафот этди ва 1 173 бемор соғайди.

Қирғизистонда 5 май ҳолатига кўра, коронавирусдан 69 ёшли бемор вафот этди. Жами бу мамлакатда коронавирусдан ўлганлар сони 11 нафарга етди. Бир сутка мобайнида 13 одамда вирус аниқланди. Жами беморлар сони 843та бўлди. Улардан 600 нафари соғайди.

Расмий маълумотда айтилишича, 232 бемор касалхонада қолмоқда. Беморлардан 8 нафари оғир аҳволда, 5 киши реанимацияда.

Тожикистонда эса коронавирусга чалинганлар сони расман 230 одамни ташкил қилмоқда. Сўнгги бир кун ичида беморлар сони 102 нафарга кўпайган. Уч киши вафот этган. Тожикистон тиббиёт муассасаларида 3208 одам врачлар назорати остида қолмоқда.

Тожикистон Жаҳон саломатлик ташкилоти делегациясининг Душанбега ташрифи арафасида, яъни 30 апрелда мамлакатда коронавирус юқтирган 15 одам аниқланганини билдирган эди. Ҳукумат беморлар 29 апрель куни аниқланганини маълум қилган. Бунга қадар эса тожик ҳукумати мамлакатда коронавирус борлигини рад қилиб келаётган эди.

Жаҳон саломатлик ташкилотининг экспертлар ва тиббиёт мутахассисларидан иборат делегацияси Тожикистонга 1 май куни етиб келган.