Украина собиқ президенти Янукович сиртдан қамоққа олинди

Янукович ва унинг ака-укалари уйидан мусодара қилинган буюмлар кўргазмаси.

Киевнинг Печер туман суди Украина собиқ президенти Виктор Януковични сиртдан икки ойга қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Януковичнинг адвокати Виталий Сердюк қарор устидан юқори суд инстанциясига шикоят киритишини билдирди.

Хабарларда айтилишича, Януковичга нисбатан ҳокимиятни узурпация қилиш айблови билан очилган жиноят иши доирасида мана шундай қарор қабул қилинган..

Прокурор Александр Супруннинг айтишича, тергов мазкур иш доирасида Янукович Россия ҳудудида яшириниб юрганини исботлаган.

Печер туман судида Янукович билан боғлиқ яна бир иш ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу иш 2014 йилнинг 18-20 февралида юз берган воқеалар асосида қўзғатилган. Ўшанда Евромайдон деб ном олган намойишлар пайтида норозилар ва полиция ўртасида энг катта тўқнашув содир этилган эди.

Мазкур тўқнашувдан сўнг Янукович Украинадан қочган ва Киевда ҳокимият алмашган. Орадан кўп ўтмай Россия Қримни босиб олган. Украина шарқида эса айирмачи ҳудудлар Россия қўллови остида исён кўтарди. НАТО ушбу воқеалар ортидан Россияни расман агрессор сифатида эълон қилган.