Тожикистонда мактаб ўқувчилари 16 августгача таътилга чиқди

Тожикистонда COVID-19 ёйилиши муносабати билан мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари 16 августгача ёзги таътилга чиқарилади, ўқиш эса 17 августдан бошланади. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус штаби маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

Штабдан қайд этишларича, сўнгги чорак учун баҳолар “дастлабки уч чорак натижаларига қараб ва тўртинчи чоракнинг бир қисмидаги баҳоларга қараб” чиқарилади.

Тўққизинчи синф ўқувчилари учун битирув имтиҳонлари тўрт фан бўйича, 11-синф ўқувчилари учун эса олтита фан бўйича июнь ойининг иккинчи ярмида бўлиб ўтади.

Мактабгача таълим муассасаларида эса таътиллар мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунича узайтирилади.

4 май ҳолатига кўра, Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 230 нафарни ташкил қилмоқда.

Аввалроқ мамлакат расмийлари футбол бўйича чемпионатни тўхтатиб қўйган. 18 апрелдан масжидларда жамоат бўлиб намоз ўқиш ва диний маросимлар ўтказиш тақиқланди. 30 апрелдан Душанбедаги ноозиқ-овқат бозорлари ёпилди. Пойтахт мэрияси бу ишлар “аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида” амалга оширилаётганини билдирган.