Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан телефон орқали эпидемиологик вазиятни муҳокама қилди

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги алоқалар 2016 йил Ўзбекистоннинг аввалги президенти И.Каримов ўлимидан кейин илиқлаша бошлаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ш. Мирзиёев билан И. Раҳмон икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқиб, амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилганлар.

Мулоқот чоғида президентлар эпидемиологик вазият ривожини назорат қилиш ва коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратганлар.

Икки мамлакат ҳукуматларига ушбу хавфли касалликка қарши курашишда ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш ва яқиндан ҳамкорликни давом эттириш бўйича топшириқлар берилган.

“Пандемиянинг аввало Ўзбекистон-Тожикистон савдо-иқтисодий алоқалари учун салбий оқибатларга олиб келишига йўл қўймаслик мақсадида олдиндан чора кўриш ва юзага келаётган барча масалаларни тезкор ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди”, дейилади хабарномада.

Икки лидер ўзаро савдода юқори ўсиш суръатларини ушлаб қолиш, транспорт қатновларини таъминлаш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, молия ва бошқа соҳаларда устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар тартибини биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида мунтазам видеоанжуманлар ўтказиб туриш муҳим экани таъкидлаганлар.

Мулоқот чоғида Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилган, халқаро аҳамиятга молик қатор долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.