Россия маданият вазири коронавирус юқтириб олди

Россия маданият вазири Ольга Любимова.

Россия маданият вазири Ольга Любимованинг коронавирусга топширган тести ижобий натижа берган. Бу ҳақда Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги Любимованинг матбуот котиби сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

Матбуот котиби вазирда хасталик енгил шаклда кечаётгани, шифохонага етиш тўғрисида гап йўқлигини билдирган. Айтилишича, Ольга Любимова айни пайтда ўз ишларини бошқалардан ажраган ҳолда бажармоқда.

39 ёшли Любимова маданият вазири лавозимига шу йил январь ойида тайинланган, унгача вазирликда кино ривожи учун жавоб берган, ундан ҳам аввал эса Биринчи каналда фаолият кўрсатган.

Ольга Любимова Россия ҳукуматида коронавирус юқтириб олган иккинчи аъзодир. Унгача бош вазир Михаил Мишустин COVID-19 га чалингани важидан хасталик таътилига чиққан эди. Унинг ўрнини вақтинча бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов эгаллаган.

Касаллик тарқала бошлаганидан бери Россияда коронавирусга чалинганлар сони 165 минг 929 нафарга етди, 1500 дан зиёд одам қурбон бўлди.