Қирғизистонда коронавирусга чалинганларнинг 71 фоизи тузалди

Соғайганлар сони 637 нафарга етди.

Ўтган бир сутка давомида Бишкек ва Ўш касалхоналаридан коронавирусга чалинган беморлардан 23 нафари соғайиб чиқди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан соғайганлар сони 637 нафарга етди.

“Ҳозир касалхоналарда 246 бемор қолмоқда. Улардан 7 нафарининг аҳволи оғир, 4 нафари реанимацияда. Беморлардан 63 нафарининг аҳволи ўртача оғир, 176 бемор қониқарли аҳволда”, деб билдирди вазирлик.

7 май ҳолатига қараганда, Қирғизистонда жами 895 одамга коронавирус юққан. Улардан 257 нафари Бишкекда, 113 нафари Ўш шаҳрида ва 172 нафари Ўш вилоятидадир.

Жалолобод вилоятида 172, Боткен вилоятида 18, Чуй вилоятида 78, Иссиқкўл вилоятида 10 ва Норин вилоятида 115 бемор аниқланган.

Беморлардан 12 нафари вафот этган.