Экологлар май ойини “Браконьерликка қарши кураш ойи” деб эълон қилишди

Табиат муҳофазаси учун чиқарилган почта маркаларидан бири.

Давлат экология қўмитаси 2020 йилнинг май ойини “Браконьерликка қарши кураш ойи” деб эълон қилди.

Қўмита ахборот хизматига кўра, айни пайтда жуда кўплаб муаммолар браконьерликнинг орқасидан келиб чиқмоқда, ҳатто коронавирус эпидемиясининг келиб чиқиши ёввойи ҳайвонларни тартибсиз овлаш ва уларни истеъмол қилиш билан боғлиқлиги тахмин қилинмоқда.

“Браконьерликка қарши кураш ойи” давомида қўмита тизимидаги инспекторлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб ноқонуний ов ва балиқ овлаш билан шуғулланадиган қонунбузарларга ва ўсимлик дунёсидан ноқонуний фойдаланадиган, дарахт ва буталарнинг рухсатсиз кесадиган ҳуқуқбузарларга қарши кескин кураш олиб борадилар.

Ўзбекистонда яқин ўтмишда ноқонуний дарахт кесиш ёки “Қизил китоб”га кирган ҳайвонларни овлаш каби қонунга зид кўринишлар ҳақида Озодлик аввал бир неча бор хабар қилган.