ЕХҲТ Қозоғистон Жиноят кодексидан “туҳмат” моддасининг чиқариб ташланганини олқишлади

ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир.

ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Қозоғистон Жиноят кодексидаги “туҳмат” моддасининг Маъмурий кодексга ўтказилганини олқишлади. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси мамлакат парламенти томонидан 6 май куни маъқулланганди.

Дезир ўз баёнотида бу қарорни “олға босилган муҳим қадам” дея баҳолади ҳамда Қозоғистон расмийларини “янада илгарилаш”га ва Жиноят кодексидаги “ифода эркинлигини ҳали ҳам чеклаб турган” бошқа моддаларидан ҳам воз кечишга чақирган.

ЕХҲТ вакили улар орасидан “Ҳақорат” ва “Била туриб ёлғон маълумот тарқатганлик” каби моддаларни ҳамда “биринчи президент, президент, депутатлар ва ҳокимият вакиллари шаъни ва эътиборини ҳимоя қиладиган қатор моддалар”ни ажратиб кўрсатган.

Баёнотда, жумладан: “ватандошларни хабардор қилишдек ўз вазифасини бажаргани учун жуда кўплаб журналист жиноий таъқиб ва терговга дучор бўлди ёки йирик миқдордаги жаримага тортилди”, дейилади.

Дезирга кўра, журналистлар жазоланишларидан қўрқмай ишлаш имкониятига эга бўлишлари лозим.

“Адил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси маълумотларига кўра, Қозоғистонда жорий йил илк чорагининг ўзида оммавий ахборот воситалари ходимларига қарши судга “шаън ва обрў-эътиборни ҳимоя қилиш” моддаси бўйича 17 та, “туҳмат ва ҳақорат” моддаси бўйича 6 та, “била туриб ёлғон маълумот тарқатганлик” моддаси бўйича 4 та ариза топширилган.

Ҳуқуқ фаоллари фикрича, Қозоғистонда журналистларга қарши босим короравирус пандемияси қабатида 16 март куни киритилган фавқулодда вазият ортидан янада кучайган. Қозоғистон бу йилги “Матбуот эркинлиги индекси”да 180 та мамлакат орасида 157-ўринни эгаллаган.