БМТнинг коронавирус бўйича қарори қабул қилинишида ЖССТ масаласи муаммо бўлмоқда

Хитойлик ва АҚШлик дипломатларнинг қарашлари ўзаро зид келаётгани сабабли БМТ Хавфсизлик Кенгашининг коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича қарори қабул қилинмай қолмоқда.

Дипломатлар қарор матнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) номи тилга олингани келишмовчиликларга сабаб бўлаётганини айтмоқда.

Қўшма Штатлар ҳужжатда ЖССТ номи тилга олинишини истамаяпти, бироқ Хитой унинг номи киритилишини талаб қилмоқда. Хитойлик дипломат 9 майда Қўшма Штатлар қарор лойиҳаси ҳақидаги фикрини ўзгартирганини айтаётган бўлса, АҚШ дипломати ушбу иддаони инкор қилмоқда.

Рейтер агентлиги хабар қилишича, 15 та аъзо давлатдан иборат кенгаш БМТ бош котиби Антонио Гутеррешнинг илк марта 23 мартда ўқ отишни бас қилиш борасидаги даъватини қўллаб-қувватлаш учун қарор матнини ўзаро келишишга ҳаракат қилган.

Жорий ҳафта бошида қарор матни бўйича тўлиқ келишувга эришишга имконият пайдо бўлгандай эди.

Натижада қарор лойиҳасини Қўшма Штатлар билан Хитой қўллаб-қувватлагани хусусида хабарлар пайдо бўлди.

Лойиҳага ЖССТ ўрнига “ихтисослаштирилган соғлиқни сақлаш муассасалари” жумласи киритилди.

Бироқ Қўшма Штатлар ушбу иборани, ундан ЖССТ англашилишини айтиб, рад этди.