Умрбод қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистон ҳукуматини судга берди

Азимжон Асқаров суд залида.

Бишкек шаҳар туманлараро судида 11 май куни умрбод қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукуматига нисбатан шикояти кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Адвокатнинг айтишича, Асқаров Қирғизистон ҳукуматини БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси тавсияларини бажармаётганликда айбламоқда. 2016 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров қамоқда қийноқларга солингани, у тиббий ёрдам ва адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум қилингани ортидан уни қамоқдан озод қилиш шартлиги тўғрисида қарор қабул қилганди.

Бундан ташқари Асқаровнинг кассация тартибидаги аризаси ҳам Олий судда 25 февралда кўриб чиқа бошланган. Бу иш бўйича навбатдаги суд мажлиси 13 майда ўтказилади.

69 ёшли Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари пайтида оммавий тартибсизликларни уюштирган ва милиция ходимни ўлдирган деган айблов билан умрбод қамалган эди. Халқаро ҳамжамият Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини таъкидлаган ҳолда, қирғиз ҳукуматидан ҳуқуқ фаолини зудликда қамоқдан чиқаришни талаб қилиб келади.