Қирғизистонда фавқулодда ҳолат бекор қилинди, бироқ фавқулодда вазият сақлаб қолинди

Қирғизистонда 1016 киши коронавирусга чалинган.

Қирғизистонда 11 майдан бошлаб фавқулодда ҳолат режими якунланди. Бир қатор шаҳарларда, жумладан, Бишкек ва Ўшда комендантлик соати бекор қилинди. Айни пайтда 22 мартда жорий этилган “фавқулода вазият тартиби” амалда қолдирилди.

Расман билдирилишича, санитар-карантин постлари эпидемиологик вазият яхшилангунига қадар фаолиятини давом эттиради. Бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтиш бўйича чекловлар сақланиб қолинади ва назорат кучайтирилади.

Шу билан бир қаторда, Бишкек, Ўш шаҳарлари, Норин вилояти Отбоши тумани ва Жалолообод вилоятидаги Қанишқия қишлоғида юзага келган жиддий эпидемиологик вазият оқибатида карантин жорий этилади.

Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика штаби ҳозирча карантин тартиби нималардан иборат бўлиши тўғрисида маълумот бермади.

11 май ҳолатига кўра, Қирғизистонда 1016 киши коронавирусга чалинган. Беморлардан 12 киши вафот этди, 688 киши соғайди.