Польшада Тожикистон фуқаролари террорчиликда гумонланиб қўлга олинди

Тожикистон Европада ўз фуқароларининг қўлга олиниши юзасидан муносабат билдирмади.

Польша ҳукумати террорчи гуруҳ сафларига одам ёллашда гумонланган тўрт нафар тожикистонлик қўлга олинганини билдирди.

Ҳукумат расмий вакили Станислав Зарин тожикистонликлар ватанига экстрадиция қилинишини, бундан буён Польшага ва Европа Иттифоқи ҳудудига киритилмаслигини айтди. Унга кўра, “Ислом давлати” гуруҳи ғояларини тарғиб қилган тожикистонликлар 7 майда қўлга олинган.

Май ойининг бошида Германия террорчиликда гумонлаб қидирувга берган яна бир тожикистонлик Албанияда қўлга олинганди. 24 ёшли Камрон Зухуров экани айтилаётган бу шахс ҳам “Ислом давлати” гуруҳига аъзоликда гумонланган.

Бундан аввалроқ -15 апрелда эса Германиянинг ўзида “Ислом давлати” гуруҳига алоқадорликда гумонланиб, Тожикистоннинг тўрт фуқароси қўлга олинган. 24-32 ёш атрофидаги бу шахслар Германияда қочқин сифатида яшаб келишган.

Тожикистон Европада ўз фуқароларининг қўлга олиниши юзасидан муносабат билдирмади.