Хориждан уч кун ичида мингга яқин ўзбекистонлик олиб келинди

Тошкент халқаро аэропорти.

Германиянинг Франкфурт шаҳридан 11 май куни 168 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик расмий хабарида таъкидланишича, 8-10 май кунлари ҳам Дубай, Минск, Сеул ва Деҳлидан 800дан ортиқ ўзбекистонлик чартер рейслари орқали олиб келинган. Хориждан Ўзбекистонга қайтарилган ватандошларнинг барчаси 14 кунлик карантинга жойлаштирилган.

“Республика махсус комиссияси томонидан ҳамюртларимизни бошқа давлатлардан ватанга қайтариш учун авиарейслар ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Ташқи миграция агентлиги матбуот хизмати Россиядан уюштириладиган чартер рейсларга рўйхатдан ўтиш тартибини ҳам эълон қилган эди. Хабарда чартер рейслар орқали энг аввало беморлар, ҳомиладор аёллар, кексалар ва ёш болалилар олиб келиниши айтилган. Бироқ чартер рейслар қачон уюштирилиши тўғрисида аниқ маълумот берилмаган.

Президент Мирзиёев 7 майдаги йиғилишда хориждан камида 11 минг ўзбекистонликни ватанга қайтариш юзасидан иш олиб борилаётганини айтганди.