Уханликлар ёппасига коронавирусга тест топширади

Дўкондан қайтаётган уханлик киши, 2020 йил 4 апрели.

COVID-19 вирусининг дунёдаги илк ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухан шаҳрида, расмийлар талабига кўра, барча турғунлар ёппасига коронавирусга тест топширади. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилади.

Уханда 11 миллион киши истиқомат қилади. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, шу кунларда ўтган бир ой ичида илк маротаба коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ янги ҳолат аниқланган, яна 10 кишида хасталик аломатларсиз кечаётгани маълум бўлган.

Шу йил январь ойи охирида Уханда коронавирус тарқалиш хавфи важидан карантин жорий қилинган. У икки ой давом этган. Апрель ойи бошидан Уханда ҳаракатланишга ҳамда шаҳардан чиқишга рухсат берилган.

Эпидемия чоғида Уханда COVID-19 вирусига чалиниш билан боғлиқ 50 мингдан зиёд ҳолат қайд этилган, қарийб 4 минг киши қурбон бўлган.

АҚШ ва Ғарб давлатлари тахминича, Хитой расмийлари хасталар сонига оид ҳақиқий статистикани яширган бўлиши мумкин. Пекин бу айбловларни рад этиб келмоқда.