Рамазон ҳайитигача хориждаги юртдошларни қайтариш учун яна 12 та чартер рейси ташкил этилади

Жорий йилнинг 13 майидан 24 майига қадар чет давлатларда қолиб кетган ўзбекистонликларни олиб келиш учун чартер рейслар уюштирилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов 12 май куни АОКА штабида ўтказилган брифингда маълум қилган.

Мулозим амалга ошириладиган парвозларга дипломатик ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасалари томонидан фуқаролар рўйхатга олиниши ҳамда Uzbekistan Airways авиакомпаниясига тақдим этилиши ва фуқаролар ушбу рўйхат асосида ҳаво кемаси бортига киритилишини билдирган.

Чартер рейслари тартиби қуйидагича:

13 май куни — Тошкент-Истанбул-Тошкент рейси

14 май куни — Тошкент-Санкт-Петербург-Тошкент

15 май куни — Тошкент-Деҳли-Тошкент

16 май куни — Тошкент-Ростов-Дон-Тошкент

17 май куни — Тошкент-Қозон-Тошкент

18 май куни — Тошкент-Москва-Тошкент

19 май куни — Тошкент-Санкт-Петербург-Тошкент

20 май куни — Тошкент-Москва-Тошкент

21 май куни — Тошкент-Истанбул-Тошкент

22 май куни — Тошкент-Лондон-Тошкент

23 май куни — Тошкент-Новосибирск-Тошкент

24 май куни — Тошкент-Шаржа-Тошкент

Рўйхатга биринчи навбатда касал ёки бемор фуқаролар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар ҳамда кекса ёшдаги фуқаролар, шунингдек бекор қилинган доимий авиақатновларга чипта харид қилган фуқаролар қўйилади.

Ашурматовга кўра, чипталарни фуқаролар парвоздан 4 соат олдин хорижий мамлакатларнинг халқаро аэропортларидаги Uzbekistan Airways авиакомпанияси кассаларидан олишлари мумкин бўлади.

Вазирлик вакили Ўзбекистонга қайтган барча фуқаролар 14 кундан кам бўлмаган муддатга карантин марказига жойлаштирилишини ҳам қўшимча қилган.

Аввалроқ Озодлик 8 майдан 11 майгача хорижий давлатлардан мингга яқин ўзбекистонлик чартер рейслари билан олиб келинганини хабар қилган.