АҚШ ва ЕИ Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирди

АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни қамоқдан озод қилишга чақирди.

Бюронинг Твиттердаги саҳифасида: “Апелляция тартибида судга ариза киритиш имкониятларидан фойдаланилиб бўлингани сабабли президент Сўўрўнбай Жээнбековдан Асқаровнинг ёшини, соғлиғини ва COVID-19 вируси таҳдидини ҳисобга олган ҳолда уни авф этишни ва қамоқдан чиқаришни илтимос қиламиз”, деб таъкидланган.

Европа Иттифоқининг Европа ташқи алоқалар хизмати эса Қирғизистон Олий судининг 13 май куни эълон қилган ҳукми БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2016 йилдаги тавсиясига зид келишини билдирди. Европа Иттифоқи баёнотида ҳам президент Жээнбековдан Асқаровни озод қилиш сўралган.

Қирғизистон Олий суди 13 май куни қўйи инстанция судининг ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни умрбод қамоққа ҳукм қилиш қарорини ўз кучида қолдирган эди.

69 ёшли ҳуқуқ фаоли 10 йил аввалги қонли воқеалар чоғида тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони билан қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини айтиб, унинг ишини қайта кўриб чиқиб, уни озод қилишга чақириб келадилар.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирганди.