Самарқандда 34 одамга коронавирус юқтирган врачга нисбатан жиноят иши очилди

27 апрелга қадар уй шароитида яширинча ўзини ўзи даволаган врач коронавирусни дастлаб оила аъзоларига юқтирган.

Самарқанд вилоятидаги туман касалхоналаридан бирида бўлим мудири бўлиб ишлаган шифокор 34 та одамга коронавирус юқтирганликда айбланмоқда. Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, мазкур шахсга нисбатан жиноят иши очилган.

Прокуратуранинг маълум қилишича, айбдор Х.Д., 20 апрелда ўзини ёмон ҳис қилган. У врач сифатида ўзиниг коронавирусга чалинганини гумон қилган бўлса-да, санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ўтмасдан уй шароитида даволанган.

27 апрелга қадар уй шароитида яширинча ўзини ўзи даволаган врач турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 кишига вирус юқтирган. Улар орқали коронавирус яна 23 кишига юққан.

Жиноий иш Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1- қисми («Санитарияга оид қонун ҳужжатлари ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») билан қўзғатилган. Ушбу модда асосида беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Агар бу ҳолат ождам ўлимига сабаб бўлса, у ҳолда 20 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.