Афғонистонда икки кун ичида юз берган портлашларда 60 дан зиёд одам нобуд бўлди

Гардезда портлаш содир бўлган жой, 2020 йил 14 майи.

Афғонистон шарқидаги Гардез шаҳрида 14 май куни юк машинаси портлатилиши оқибатида камида 5 киши ҳаётдан кўз юмди.

Армия расмийлари мазкур портлаш чоғида 14 киши тан жароҳати олганини билдирдилар.

“Толибон” ҳаракати вакили Забиуллоҳ Мужоҳид ўз ҳаракати мазкур ҳужум учун масъулиятни зиммасига олиши ҳақида баёнот тарқатди.

12 май куни бир гуруҳ қуролли шахсларнинг Кобулдаги туғруқхонага уюштирган ҳужуми натижасида ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар дохил 24 киши нобуд бўлган.

Ўша куннинг ўзида Нангарҳор вилоятида дафн маросимида амалга оширилган худкуш ҳужум чоғида 32 киши ўлдирилган. Бу ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олган.

“Толибон” ҳаракати мазкур икки ҳужумга ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини билдирган.