Мирзиёев яна Сардобага бориб, янги турар-жойлар тамал тошини қўйди

Президент Ш.Мирзиёев Сардоба тўғони ўпирилган 1 май куни ҳам Сирдарёга сафар қилган эди.

Сардоба тошқинидан роппа-роса икки ҳафта ўтиб, 15 май куни яна Сирдарё вилоятига сафар қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дастлаб Сардоба туманида бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ш.Мирзиёев бу ерда таъмирланаётган хонадонларни кириб кўрган, одамлар билан суҳбатлашган.

Қайд этилишича, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Хусусан, Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласида 1480 хонадондан иборат 37 та уй барпо этилиши кутилмоқда. 15 май куни президент Ш.Мирзиёев мазкур турар жойларнинг пойдеворига тамал тоши қўйди.

Сардоба сув омбори тўғонининг 1 май куни ўпирилиши ортидан рўй берган тошқинда 5000 га яқин турар-жой зарар кўргани айтилган.