Сардобадаги уйларни тендерсиз танлаб олинган 3 та ширкат қуриши маълум қилинди

Сардоба тошқинида уйини йўқотганларга қуриладиган янги уй лойиҳалари, Қурилиш вазирлиги эълон қилган суратлар

Сирдарёдаги Сардоба омбори ўпирилиши ортидан сув тошқинида бошпанасини йўқотганларга мўлжалланган янги кўпқаватли уйларни қуриб берадиган 3 ширкат номи эълон қилинди.

Халқаро пресс-клубда 16 май куни ўтган брифингда Қурилиш вазири биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовнинг маълум қилишича, вақт тиғизлиги боис, Тошкентда уйлар қурган ширкатларнинг ишлари кўриб чиқилган ва улар орасидан 3 таси, тендерсиз танлаб олинган.

Булардан бири Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Оқтепа мавзеси ва Сергели туманидаги монолит уйларни қурган Whitecity Construction ширкатидир. Айтилишича, айни ширкат Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида ўқитувчилар учун ҳам уйлар қурган. Ширкат ходимларининг асосий қисми турклардан иборатлиги ҳам айтилди.

Иккинчиси Тошкентдаги экоуйларни қурган Ecopark ширкати.

Учинчиси Тошкент шаҳрининг Қорасув даҳасида Миллий гвардия ходимлари учун уйлар қурган Gold Step Invest ширкатидир.

Расмий маълумотга кўра, Сирдарё вилоятидаги зарар етган хонадонларни таъмирлашга 123 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, 3 та янги уй-жойлар даҳаси қурилиши, унинг ичида 1 та мактаб, 66 та уй, 1 та боғча ва битта қишлоқ оилавий поликлиникаси бўлиши айтилган.

Шу йил 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан рўй берган тошқинда 6000 га яқин турар-жой зарар кўргани айтилган.