Қарши шаҳрида 46 ёшли ўғил ўзини ва отасини ёқиб юборди

Ушбу суратнинг мазкур хабарга алоқаси йўқ.

Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида ўғил ўзини ва отасини устидан бензин сепиб ёқиб юборди.

“Дарё”нашрининг 17 май куни Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб хабар беришича, 15 май куни соат 14:30 ларда 1974 йилда туғилган шахс 80 ёшли 1-гуруҳ ногирони бўлган отаси билан жанжаллашиб қолган.

“Жанжал оқибатида у сумкада елим идишда олиб келган бензинни отаси ва ўзининг устига сепган. Бу ҳам етмаганидек, темир занжир билан ўзининг чап оёғи пастки бўғинини иситиш қувурига боғлаб қўйган. Хонага эркакни тўхтатиш учун кирган келинига қаршилик кўрсатиб, вояга етмаган икки нафар жиянининг кўз ўнгида гугурт чақиб юборган. Фожиа оқибатида ота-бола куйиш тан жароҳатлари билан ҳодиса жойида ҳалок бўлган”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, воқеа жойида бўлган келин ва унинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ёрдамга келган яна бир оила аъзоси турли даражадаги куйиш жароҳати билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-модда («Қасддан одам ўлдириш») 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.