Зеленский Ийди Қурбон ва Ийди Рамазонни Украинада давлат байрамига айлантиришга сўз берди

Украина президенти Володимир Зеленский қрим татарлар лидерлари билан учрашув чоғида, Киев, 2020 йил 18 майи.

Украина президенти Володимир Зеленский 18 май куни Қрим-татар халқи лидерлари билан учрашиб, қатлиот қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан уларга ҳамдардлик изҳор қилди. Бундан ташқари, у Ийди Қурбон ва Ийди Рамазонга тез орада Украинада давлатнинг диний байрамлари мақоми берилишини ваъда қилди. Бу ҳақда Украина президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Бундан 76 йил муқаддам – 1944 йил 18 майида Иосиф Сталин қарори билан қрим татарларининг ҳаммаси мажбуран яриморолдан депортация қилиниб, ҳайвон юкланадиган вагонларда Марказий Осиёга йўлланганди.

Йўлда минглаб одам оламдан ўтган, бадарға қилинганларнинг учдан бири эса манзилга етиб келганларидан кейин вафот этганлар. НКВДнинг Сталин номига жўнатилган телеграммасида 180 мингдан зиёд одам Қримдан депортация қилингани ҳақида қайд этилади, бироқ, Қрим татарлари миллий ҳаракати маълумотига кўра, яриморолдан жами 420 мингдан зиёд одам бадарға қилинган.

“Ҳаммамиз депортация қрим татар халқининг, Украина халқининг, юртимизнинг энг мудҳиш фожиаларидан бири эканини яхши англаймиз. Қрим татарларнинг юз минглаб оиласи туғилган тупроғидан жабран қувилган. Ўтганлар ёди қалбимизда абадий қолади”, деган Зеленский учрашувда.

Унинг айтишича, тарихнинг бу фожиали саҳифалари ҳақида украиналик болалар билиши “жуда муҳим”.

“Биз ҳар бир киши ўзини Украина ватандоши ўлароқ ҳис қиладиган давлат қурмоқчимиз. Мен ҳар қандай одам, тарих ва ўз халқи анъаналарини унутмаган ҳолда, ўзини тўлақонли ватандош сифатида ҳис қилишини истардим. Биз сизларни фақат сўзда эмас, амалда, қонун даражасида дастаклашни хоҳлаймиз”, дея таъкидлаган Зеленский.