Ўзбекистонда томорқа ер эгаларига иссиқхоналар ўрнатиш, суғориш воситалари харид қилиш ҳамда уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар ажратилади. Бу, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, Ўзбекистон президентининг 18 май куни имзоланган “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, жорий йил 20 майидан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида қуйидаги миқдорда субсидиялар ажратилади:
• енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – БҲМнинг 30 бараваригача;
• суғориш воситалари харид қилиш учун – БҲМнинг 10 бараваригача;
• уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун – БҲМнинг 3 бараваригача;
Айни пайтда қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун БҲМнинг 10 бараваригача субсидия ажратилиши айтилмоқда.
Ўзбекистонда айни пайтда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 223 000 сўм қилиб белгиланган.