Петербургда марҳумлар билан хайрлашиш маросимлари тақиқланди

Петербургдаги дафн маросимларидан бири.

Cанкт-Петербург бош санитар врачи Наталья Башкетова “эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани” муносабати билан марҳумлар билан хайрлашув маросимларини тақиқлади. Қарорда таъкидланишича, ўлим сабабларидан қатъи назар хайрлашув маросимларига рухсат берилмайди.

“Фонтанка” нашри ҳозирча бу қарор ҳеч қаерда эълон қилинмаганини билдирди. Бироқ дафн маросимларини ўтказувчи “Ритуал хизматлар” давлат унитар корхонаси нашрга марҳумлар, хатто улар автоавария оқибатида ҳалок бўлган бўлсалар ҳам, ёпиқ тобутда кўмилаётганини тасдиқлади.

“Жасадларнинг ҳаммаси битта моргда сақланади. Шунинг учун хавфсизлиқ нуқтаи назаридан шундай қилиняпти”, деб билдирган ташкилот расмийси.

Расмий маълумотларга қараганда, 19 май ҳолатига кўра, Петербургда 11 340 одам коронавирус юқтирган. Беморлардан 2 272 киши тузалган, 95 нафари вафот этган.