Афғонистонда ифтор пайтида масжидга ҳужум қилинди, камида 13 киши ўлди

Масжидни қўриқлаётган полициячи.

Афғонистонда жангарилар томонидан 19 май куни кечқурун иккита масжидга қилинган ҳужум пайтида камида 13 диндор ҳалок бўлди.

Парвон вилояти маркази Чорекор шаҳридаги масжидга қилинган ҳужумда камида 10 киши ўлган, 16 намозхон ярадор бўлган.

“Номаълум шахслар масжиддаги ифторликдан сўнг намоз ўқиётган одамларга ўқ отишди”, деб айтди Парвон вилоят ҳокимининг матбуот котиби.

Ички ишлар вазирлиги ҳужум учун масъулиятни Толибонга юклади. Айни пайтда Толибон бу айбловни инкор этди ва масъулият хавфсизлик кучлари зиммасида эканини билдирди.

Парвон вилояти полицияси бошлиғи Хорун Мубориз эса Озодлик радиоси афғон хизматига берган интервьюсида, ҳужумда “Ислом давлати” гуруҳини айблади.

19 май куни Хост вилояти Сабари туманида ҳам масжидга ҳужум қилинган. Мазкур ҳужум пайтида камида уч одам, жумладан, бир нафар балоғатга етмаган бола ҳалок бўлган. Хост вилоятидаги ҳужум учун ҳам масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.